Ҳар дам Яратганга шукринг билдириб,
Шайтоннинг тушкунлик дунёсидан қайт,
Ёмондан ҳам яхши одат қидириб,
Эй, инсон мен жуда бахтлиман деб айт...
Гоҳо уловдасан, яйдоққа қараб,
Уйланмаган қари бўйдоққа қараб,
Шамолдай югуриб, чўлоққа қараб,
Эй, инсон мен жуда бахтлиман деб айт...
Ишонган дўстларинг сотиб кетса ҳам,
Жигарлар жафоси ботиб кетса ҳам,
Юрсанг гар саломат,кам қилмас Эгам,
Эй, инсон мен жуда бахтлиман деб айт...
Иллат изламагил кўнгилсиз, ёрдан,
Умрлик савдо бу топмас, бозордан,
Фазилат ахтаргил йўқ эмас, бордан,
Эй, инсон мен жуда бахтлиман деб айт...
Бош қўйсанг ҳоки зар Ватанинг бўлса,
Булбул чақ-чақлаган чаманинг бўлса,
Душман хужумига камонинг бўлса,
Эй, инсон мен жуда бахтлиман деб айт...
Эмин эпкин чиқса олган нафасинг,
Тошдай метин магар феълу асабинг,
Ҳей, Мурод ўлмасин орзу-ҳавасинг,
Эй, инсон мен жуда бахтлиман деб айт...